Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ХИТОЙЛИК ТАЛАБАЛАР АКАДЕМИЯДА ТАЪЛИМ ОЛМОҚДА

27 Сентябрь 2024, 06:09

184

Ички ишлар вазирлиги академиясида Хитойнинг Жамоат хавфсизлиги университети талабалари учун икки ҳафталик ўқув курси ташкил қилинди.

Ўқув курсининг очилиш маросимида академия бошлиғи Рустам Хатамов иштирок этиб, таълим муассасаларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини эътироф этди.

“Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга чиқди. Муҳим стратегик йўналишлар, шу жумладан, таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик кўлами кенгайди. Бугунги кунда академиямиз Хитойнинг етакчи турдош олий ўқув муассасалари билан манфаатли алоқаларни йўлга қўйган. Галдаги ўқув курслари ҳам ҳамкорлигимизнинг амалий ифодаси сифатида ўзаро тажриба алмашинувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, - деди академия бошлиғи.

Ўз навбатида, Жамоат хавфсизлиги университети профессори, делегация раҳбари Ли Цзин халқларимиз ўртасидаги дўстона ришталарни юксак даражада қадрлашини айтиб ўтди. Унинг эътирофича, икки мамлакатни кўп асрлик тарих, ўхшаш маданият ва самимий ишонч руҳи боғлаб туради. Бу эса ҳамкорлик алоқалари улкан салоҳият ва истиқболга эга эканлигидан далолат беради.

Шу куннинг ўзида ахборот-ресурс марказида дарс машғулотлари бошлаб юборилди. Илк машғулотда талабалар ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, юртимиз ҳудудида қадим цивилизацияларнинг вужудга келиши, буюк аждодларимиз ва тарихий сиймоларимизнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида бой маълумотларга эга бўлишди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар академия фаолияти, хусусан, ўқув бинолари, инновацион таълим жараёнлари, назарий ва амалий машғулотларни ташкил этишда қўлланилаётган ўзига хос ёндашувлар, курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ўқув даргоҳининг замонавий қиёфаси хитойлик ёшларда катта таассурот қолдирди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech