Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ

10 Сентябрь 2024, 08:09

406

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни пойтахтимизда Ички ишлар вазирлиги академияси ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида етук профессионал кадрларни тайёрлаш: тенденциялар ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, манфаатдор вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпуслар вакиллари, ўттиздан зиёд хорижий ва миллий олий таълим муассасалари мутахассислари ҳамда ОАВлари ходимлари иштирок этди.

Конференцияни ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов кириш сўзи билан очди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, Олий суд раиси Бахтиёр Исломов, мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Оливер Столп, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар бўйича координатори Антти Карттунен ва бошқалар сўзга чиқди.

Ялпи мажлис ва сессиялар кўринишида давом этган анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати, ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Соҳадаги илғор тажрибалар хусусида етакчи хорижий ва миллий таълим муассасалари раҳбарлари, халқаро ва маҳаллий экспертларнинг маърузалари тингланди.

Сўзга чиққанлар замонавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлаб, халқаро анжуман мазкур йўналишда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйишда фаол мулоқот майдони бўлганини қайд этдилар.

Конференцияда мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш, соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди. Кейинги йилларда Президентимизнинг муҳим қарорлари асосида Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти замон талаблари даражасида такомиллаштирилиб, кадрларни мақсадли тайёрлашга қаратилган янги тизим яратилгани эътироф этилди.  

Шунингдек, анжуман доирасида таълим муассасалари делегациялари ўртасида икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Манфаатли мулоқотлар якунида ИИВ академияси Хитойнинг Чженчжоу полиция университети, Жамоат хавфсизлиги университети, Гонконг полиция институти, Россия Федерацияси ИИВ Ростов юридик институти ҳамда Озарбайжон Республикаси ИИВ полиция академияси билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзолади.

Юқори даражада ўтган конференция якунида таълим соҳасига замонавий ёндашувларни самарали татбиқ этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Иштирокчилар томонидан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан резолюция қабул қилинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech