ИИВ Академиясида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида фан, таълим ва амалиётнинг инновацион ҳамкорлиги: замонавий тенденциялар” мавзусида халқаро илмий-амалий форум бошланди.
Анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Фан, таълим ва инновацион ривожланиш вазирлиги, шунингдек мамлакатимиз ва хорижнинг қатор олий таълим муассасалари вакиллари, ҳуқуқшунос олим, эксперт ва мутахассислар иштирок этмоқда.
Форум очилишида ИИВ Академияси бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Р. Нигматов, Россия Федерацияси ИИВ Бошқарув академияси бошлиғи С. Синенко, Қозоғистон Республикаси ИИВ Олмаота академияси бошлиғи А. Саитбеков, Туркия Республикаси Жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академияси бошлиғи Ш. Услу чиқиш қилдилар.
Халқаро форум ялпи мажлисида “Янги Ўзбекистон: юридик фанлар, таълим ва амалиётнинг вазифалари”, “Юридик кадрлар тайёрлашда академик, олий таълим ва амалиётнинг ўзаро муносабат тенденциялари”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва илмий фаолият тизимини такомиллаштириш масалалари”, “Жазони ижро этувчи муассасалар ва органлар фаолиятини илмий таъминлаш”, “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг фан, инновациялар ва таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги: ҳолати ва янги имкониятлар” мавзуидаги маърузалар тингланди.
Куннинг иккинчи ярмида форум иши “Ҳуқуқий фан, таълим ва амалиёт: ўзаро муносабатлар” мавзуида ташкил этилган муҳокамалар билан давом эттирилди. Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, ИИВ Академияси, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси Санкт-Петербург академияси, Федерал жазони ижро этиш хизмати академияси вакиллари сўз олиб, илм-фан, таълим ва амалиёт ҳамкорлигини таъминлашнинг долзарб муаммо ҳамда ечимларига қаратилган фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрга қадар бўлиб ўтадиган халқаро форум доирасида давра суҳбатлари, семинар ва муҳокамалар ташкил этилиши режалаштирилган.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати