Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг Остона саммитида (2017 йил июнь) муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Халқ дипломатияси марказини очиш ташаббуси илгари сурилган эди. Айтиш жоизки, ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар, шунингдек мулоқот бўйича шерик мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат муҳитини кучайтириш, турли соҳаларда алоқаларини мустаҳкамлашда Халқ дипломатияси марказларининг ўрни тобора ортиб бормоқда.
Ички ишлар вазирлиги академиясида “Халқ дипломатияси – халқаро терроризмга қарши” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Бош прокуратура ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари, эксперт ва мутахассислар, илмий тадқиқотчилар иштирок этди.
Семинар аввалида Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғининг ўринбосари Руфтулло Нигматов ва ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров сўз олиб, муҳокама марказидаги мавзунинг долзарб аҳамияти хусусида тўхталиб ўтишди.
Таъкидлаб ўтилганидек, ШҲТнинг Тошкентдаги Халқ дипломатияси маркази Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аъзо давлатлар ўртасидаги ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. Дунёда глобализация ва интеграция жараёнлари кенгайиб бораётган бир вақтда халқ дипломатияси халқаро муносабатларнинг асосий унсурларидан бирига айланмоқда. Марказнинг асосий мақсади – мулоқотни янада чуқурлаштириш, ШҲТ мамлакатлари ва уларнинг халқларини бир-бирига янада яқинлаштиришга кўмаклашишдан иборат. Бу мақсадга эришиш йўлида қўшма лойиҳалар ва турли тадбирларни амалга ошириш орқали халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган глобал муаммолар, тинчлик ва барқарорликка қарши қаратилган таҳдидларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда “Халқаро терроризм ва экстремизмга олиб келувчи омилларни бартараф этишда халқ дипломатиясининг ўрни”, “Терроризм ва экстремизмга қарши курашишда Ўзбекистон тажрибаси”, “Халқ дипломатиясининг халқаро терроризмга қарши курашиш фаолиятида миллатлараро муносбатларнинг роли ва аҳамияти”, “Ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш: экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг замонавий усуллари”, “Халқ дипломатияси – терроризмнинг олди олишда муҳим восита”, “Ёшларда диний мутаассиблашувнинг олдини олишда аждодлар илмий меросининг аҳамияти” каби мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Муҳокамалар якуни бўйича илмий-назарий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати