Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи, полковник Яҳё Абдулҳаков Академия кундузги таълимининг “тергов фаолияти” йўналишини тамомлаётган курсантлар билан мулоқот қилди.
Давра суҳбатида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги изчил ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Вазир ўринбосари шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарининг “Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига тўхталди.
Унинг қайд этишича, ишни судга қадар юритиш босқичида рақамли технологиялардан етарли даражада фойдаланилмаслик оқибатида айрим ҳолатлар юзага келаётган эди. Юқоридаги қарор билан бу масала ўз ечимини топди. Иш юритишнинг электрон шаклга ўтиши жиноятларни тез ва тўлиқ фош этишга, иш бўйича муҳим бўлган маълумотларни ўз вақтида олишга ҳамда процессуал муддатлар бузилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Очиқ мулоқотда курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Тергов департаменти томонидан ўқув йилини аъло баҳоларга тамомлаётган бир гуруҳ ёшлар рағбатлантирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати