Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида “Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари” ўқув йиғинлари бошланди.
Ўқув йиғинлари Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан уюшмаган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, жамиятимизда кечаётган янгиланишларга дахлдорлигини ошириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз соғлом муҳитни қарор топтириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Дастурга биноан, ёшлар билан долзарб мавзуларда интерактив дарслар, психологик суҳбат ва тренинглар, спорт мусобақалари, хорижий тиллар бўйича машғулотлар, шунингдек, маънавий-маърифий, тарбиявий ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилади. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар, секторлар, касб-ҳунар ўргатувчи ва бандликка кўмаклашувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёр ярмаркалар уюштирилиб, ёшларни иш билан таъминлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмак бериш чоралари кўрилади.
Кези келганда ўқув йиғинларига қизғин ҳозирлик кўрилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Шинам синфхоналар, спорт майдончалари, овқатланиш ва ювиниш жойлари, казармалар ажратилиб, барча зарур анжомлар билан жиҳозланди.
Айни кунларда 300 нафар уюшмаган ёшлар ўқув йиғинларига жалб қилинган. Йил якунига қадар қолган ёшларни ҳам қамраб олиш мақсад қилинган. Аммо муҳими бунда эмас, устувор масала уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, юртимиздаги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кучайтириш, маънавий тарбиясига ҳисса қўшишдир. Зеро, Перзидентимиз таъбири билан айтганда, ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур.
ИИВ академияси Ахборот хизмати