Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ватанни севиш ҳақида янги китоб

11 Сентябрь 2024, 07:09

425

Ички ишлар вазирлиги академиясида “Мен ҳам ҳарбий бўламан” китобининг тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, академия бошлиғи Рустам Хатамов, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, профессор-ўқитувчилар, курсантлар иштирок этган тадбирда мазкур рисоланинг ёш авлод камолотидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз борди.

Тадбир аввалида жонажон Ватанимиз мадҳияси янгради.

Ўқув даргоҳи раҳбари юртимизда кечаётган улкан янгиланишлар жараёнида ёшлар тараққиётимизнинг ҳал қилувчи кучи, мустаҳкам таянчига айланиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Бугунги мураккаб шароитда ёш авлоднинг ватанпарварлик руҳини юксалтириш долзарб аҳамият касб этаётгани, янги асар улар қалбига йўл топишда муҳим қўлланма бўлгани эътироф этилди.

– Ватанпарварлик – тарихни ўрганиш, миллий ўзликни англаш, юртни севишдан бошланади. Уч минг йиллик давлатчилик тарихимиз мобайнида юртимиздан буюк алломалар, жаҳонга машҳур саркардалар етишиб чиққан. Дунё тамаддунида ўчмас из қолдирган боболаримизнинг ақлу тафаккури, авлодларга қолдирган бебаҳо мероси ҳали-ҳануз жаҳон аҳлини лол қолдириб келмоқда. Янги Ўзбекистон ёшлари она Ватанимиз тарихини билиши, миллий ифтихор руҳи ва дахлдорлик ҳисси билан келажакка интилиши керак, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов.

Тақдимотда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаоллари сўз олиб, Ватан туйғуси, бурч ва садоқат тушунчалари, мустақиллик тинчлик ва осойишталикнинг қадр-қиммати, эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилишнинг шарафли вазифа эканлиги ҳақида мулоҳаза юритишди. “Мен ҳам ҳарбий бўламан” китоби ёшларни эзгу мақсадлар сари ундайдиган, уларга маънавий куч ва мотивация берадиган қўлланма эканлиги айтиб ўтилди.

– Бизни инсон сифатида улуғлайдиган садоқатли дўст – бу китобдир, – деди сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев. – Китобга ошно бўлган миллат, халқ тараққиётга юз тутадики, асло завол топмайди. Бугун юртимизда адабиётга, китоб мутолаасига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бунинг замирида келажак авлодларни буюк аждодларимизга муносиб ворис этиб камол топтиришдек улуғ мақсад турибди.  

Тадбир давомида миллий мумтоз қўшиқлар ижро этилди. Академияда таълим олаётган курсантларга янги китоблар туҳфа қилинди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech