Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

“Ватанни севиш – энг улуғ туйғу”

19 Март 2024, 07:03

722

Ички ишлар вазирлиги академиясида профессионал бокс устаси Исроил Мадримов билан учрашув бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, яқинда ҳамюртимиз Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган профессионал бокс оқшомида россиялик Магомед Қурбоновга қарши рингга кўтарилиб, рақибини нокаутга учратган ҳолда енгган эди. Бу ютуқ эвазига Исроил биринчи ўрта вазн тоифасида “WBA” чемпионлик камарини қўлга киритди.

Академия тингловчи ва курсантлари билан учрашувда Исроил чемпионлик таассуротлари билан ўртоқлашди. “Ҳар бир инсон, аввало, ўз юртини севиши керак. Ватан туйғуси мени доим янги марралар, ғалабалар сари ундайди. Чемпион бўлганинимда қалбимдан ўтган кечинмаларни сўз билан ифодалай олмайман. Халқимиз, Президентимиз, ота-онам ва яқинларим мени қўллаб турганини ҳис қилиб турдим. Юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиш, янги ғалабалар билан байроғимизни жаҳон узра мағрур кўтариш – энг олий мақсадим”, деди у.

Учрашув давомида Исроил болалик йиллари, спортга бўлган кучли иштиёқи, мамлакатимиз ёшлари учун яратилган улкан имкониятлар ҳақида гапирди. Эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишни мақсад қилган курсантларга мотивацион руҳ берди. Шу куни чемпион спортчимиз Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида йўлга қўйилган тўгараклар фаолияти билан танишиб, мураббийлар билан мулоқот қилди.

Маълумот учун, Ар-Риёддаги баҳсда Исроил профессионал боксдаги ўн биринчи жангини ўтказди. Унинг рақиби Магомед Қурбонов эса фаолиятидаги 25 та ғалабали жангдан сўнг илк мағлубиятини қабул қилиб олди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech