Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ватан ҳимояси – муқаддас ва шарафли вазифа

14 Январь 2023, 06:01

865

Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бу борада амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар, биринчи навбатда, халқимиз хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

ИИВ Академиясида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг ўттиз бир йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда таълим муассасаси раҳбарияти, ички ишлар органи фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, сафдор ва сержант ҳамда офицерлар таркиби ходимлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов йиғилганларни муборакбод этиб, давлатимиз раҳбарининг Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Унда қайд этилганидек, сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди.

– Байрам табригида давлатимиз раҳбари ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур, дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шу боис, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, тингловчи-курсантларнинг профессионал даражаси, интеллектуал салоҳияти ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, Ватан ва халқ манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўядиган, қонунларга қатъий бўйсунувчи, касбига садоқатли кадрларни тайёрлаш бундан кейин ҳам фаолиятимизнинг устувор йўналишлари бўлиб қолади, – деди ўқув даргоҳи раҳбари.

Тадбирда она Ватанимиз тинчлиги ва эл-юрт осойишталиги йўлида кўп йиллик фидокорона хизматлари, ўз хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган мардлик ва жасорати, кадрлар тайёрлаш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирлигининг идоравий мукофотлари, махсус унвон ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Академия бошлиғи мукофотларни тантанали равишда ўз эгаларига топширди.

Бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг юртимизни мадҳ этувчи чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech