26-27 май кунлари Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ходимлари ва ҳарбийлар ўртасида дзюдо бўйича XVIII халқаро хотира турнири бўлиб ўтди.
Мусобақада Россия, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон ва Қирғизистон давлатларидан 11 та жамоа иштирок этди. Терма жамоамиз таркибида Баҳром Иноятов (-66 кг), Тимур Худойқулов, Умид Абдуллаев (-73 кг), Ғиёсжон Бобоев (-81 кг), Рустам Саидов, Фаррух Бобоев (-90 кг), Фахриддин Шарипов (-100 кг), Дилшод Чориев (+90) ва Ҳамид Отажонов (+100 кг)лар мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.
Муросасиз курашлар остида ўтган турнирда маҳоратли дзюдочиларимиз энг яхши натижани қайд этишди. Финал босқичида Россия Федерацияси Миллий гвардияси (Росгвардия) ходимларига қарши гиламга чиққан вакилларимиз мезбонларни ишончли тарзда мағлуб этиб, турнир ғолиблигини қўлга киритдилар. Қувонарлиси, терма жамоамиз ҳисобидаги олтин медаллардан бири ИИВ Академиясининг Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси ўқитувчиси, лейтенант Дилшод Чориев ҳисобига ёзилди.
Айтиш жоизки, ўтган йили ўтказилган анъанавий турнирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги терма жамоаси учинчи ўринни эгаллаган эди. Тажрибали мураббий Жамшид Файзиев шогирдлари мазкур натижани яхшилашга муваффақ бўлдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати