Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

УСТОЗЛИК МАҚОМИНИ ОҚЛАГАН ОЛИМ

17 Октябрь 2022, 10:10

1243

Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Шавкат Ўразаевнинг ёрқин хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Таниқли ҳуқуқшунос олимлар, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этган тадбирни Академия раҳбари Рустам Хатамов очди.

Академик Шавкат Ўразаев мамлакатимиз илм-фанида ўчмас из қолдирган атоқли олим эди. Умр йўлини юридик фанлар ривожига бағишлаган олим соҳа учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшган. Унинг муҳим аҳамиятга эга бўлган фундаментал тадқиқотлари, илмий ишланмалари, монография ва мақолалари нафақат юртимиз, балки чет эл илмий жамоатчилиги ўртасида ҳам юксак эътирофга сазовор бўлган. Етук салоҳиятли олимнинг мустақил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини яратишда улкан ҳисса қўшганини эътироф этиш жоиз.

Хотира кечасида Шавкат Ўразаевнинг ибратли ҳаёти, илм-фан ривожи йўлидаги серқирра фаолияти, айниқса келгуси авлодлар учун қолдирган бой илмий-ижодий мероси ҳақида мулоҳазалар билдирилди.

– Шавкат ака устозлик мақомини оқлаган инсон эди, – деди академик Акмал Холматов. – Тошкент давлат юридик институтида таҳсил олган йилларимни эсласам, устозимиз ўтган маърузалар кўз олдимга келади. Биз талабалар машғулотларни ниҳоятда диққат бўлиб, мароқ билан тинглардик. “Ҳамиша юксак марраларни кўзланг” дея ёшларни руҳлантириб борардилар. Буни қарангки, устоз-шогирдлик муносабатларимиз ҳаётларининг сўнггига қадар боғланди. Бугун улуғ даргоҳда устозимиздан илм ўрганган, нурли ҳаёт йўлини давом эттираётган инсонлар даврасида Шавкат акани хотирлаётганимиз бежиз эмас. Боиси, Шавкат ака Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам фаолият юритиб, ўқув масканининг илмий-педагогик салоҳиятни юксалтиришда жонбозлик кўрсатган эдилар. Қувонарлиси, устозимиз яратган илмий анъаналар бугун шогирдлари томонидан муносиб давом эттирилмоқда.

Маънавий-маърифий тадбирда ҳуқуқшунос олимлардан Ҳалим Бобоев, Лола Саидова, Омонбой Оқюлов ва бошқалар сўз олиб, Шавкат Ўразаевнинг сермазмун ҳаёти, инсонийлик фазилатларини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Унинг ёрқин хотираси шогирдлари қалбида барҳаёт эканлиги эътироф этилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech