Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган курсантлар “устоз-шогирд” анъаналаридан муносиб баҳраманд бўлишмоқда. Бинобарин, ёши улуғ инсонларнинг ўгити, бой тажрибаси навқирон авлодни ҳаётда тўғри йўл танлашга ундайди.
Ўқув даргоҳида ички ишлар органлари равнақига кўп йиллик хизматлари сингган фахрийлар билан учрашув ўтказилди. Таъкидланганидек, ёши улуғ инсонлар мамлакатимизда доимо эътибор ва эъзозда бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш тинч-осуда ва фаровон ҳаётимизнинг асосий мезони саналади.
– Бугун ёшларнинг маънавиий салоҳиятини юксалтириш, улар қалбида ватанпарварлик, мардлик, юртга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Академия бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Ҳусниддин Давронов. – “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!” концептуал ғояси асосида ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад ҳам соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган устозларимизнинг ўз касбига садоқатини ёшларга ибрат намунаси сифатида кўрсатишдир.
Учрашувда сўз олган соҳа фидоийлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этиб, ҳаёт ва меҳнат фаолиятлари давомида тўплаган тажрибалари, ички ишлар органларида хизмат қилишнинг ўзига хос қийинчиликлари, машаққат кетидан келган муваффақиятлар ҳақида самимий дил сўзларини билдирдилар.
Нуроний устозлар ўсиб келаётган шогирдларини эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида собитқадам бўлишга, шарафли касбни мардонавор оқлашга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ундадилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати