Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида кекса ва ёш авлод вакиллари учрашуви бўлиб ўтди.
Унда мудофаа ва ички ишлар тизими фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамда академия курсантлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар мустақиллик йиллари соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этиб ўтишди. Айниқса сўнгги йилларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир, ҳаракатчан ва пухта қуролланган миллий армияга айлангани таъкидланди.
Тадбир давомида курсантлар устозларнинг пурмаъно ўгит ва маслаҳатларини тинглашди. Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафи ва масъулияти, фидойилик, юртга дахлдорлик сингари фазилатларнинг инсон ҳаётидаги ўрни, касб машаққати ва фахрийларнинг хизмат йўллари ҳақида билдирилган фикрлар ёшларда катта таассурот қолдирди.
ИИВ академияси ахборот хизмати