Футболни ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар миллионлар ўйинининг янада оммалашишига туртки бермоқда. Турдош олий таълим муассасалари ўртасида ташкил этилган галдаги турнир ҳам фикримизга мисол бўла олади.
ИИВ Академияси мезбонлик қилаётган мусобақада Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Божхона институти, Жамоат хавфсизлиги университети, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ходим ва курсантларидан таркиб топган жами 6 та жамоа иштирок этмоқда.
Турнирнинг тантанали очилиш маросимида ИИВ Академияси раҳбарияти вакиллари сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган турнир ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий ўқув муассасаларида футбол инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.
Шундан сўнг турнирга старт берилди. Қуръа натижасига кўра, илк ўйин Божхона институти ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоалари ўртасида кечди. Муросасиз баҳс 2:0 ҳисобида “танкчи”лар фойдасига ҳал бўлди. Кейинги учрашувда ИИВ Академияси ва Давлат хавфсизлик хизмати академияси вакиллари майдонга тушишди. Мезбонларнинг тўлиқ устунлигида ўтган ўйин 5:0 ҳисобида якунланди. Ниҳоят, сўнгги ўйинда Жамоат хавфсизлиги университети футболчилари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоасини 2:0 ҳисоби билан енгишди.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнга қадар давом этадиган турнирда жамоалар айланма шаклда ўзаро куч синашади. Дастлабки учликни эгаллаган жамоалар ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати