9–14 декабрь кунлари ИИВ академиясида “Синтетик гиёҳвандлик воситалари, янги турдаги психофаол моддалар ва яширин лабораторияларни аниқлаш” мавзуида тренинг ўтказилди.
Тадбир БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) минтақавий ваколатхонаси томонидан “Идоралараро мобил гуруҳларнинг мувофиқлаштирувчи ролини ошириш ва имкониятларини кенгайтириш орқали гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш” лойиҳаси доирасида ташкил қилинди.
Тренинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) минтақавий ваколатхонаси, АҚШ Давлат департаментининг халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бюроси (INL) ҳамда ИИВ академияси вакиллари, шунингдек, халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирок этди.
Синтетик гиёҳвандлик воситалари ва янги турдаги психофаол моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ҳуқуқни муҳозафа қилувчи органлар ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш тренингдан кўзланган асосий мақсад эканлиги таъкидланди.
Икки босқичда ташкил қилинган машғулотлар Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази вакили Б. Аваззода ҳамда Сербия Республикаси ИИВ Ноқонуний лабораторияларни аниқлаш ва йўқ қилиш департаменти бошлиғи С. Гажик томонидан олиб борилди. Тингловчилар синтетик гиёҳвандлик воситалари ва психофаол моддаларнинг ноқонуний анланмасига қарши курашишда халқаро тажрибанинг илғор жиҳатлари юзасидан малака оширдилар.
Фойдали тавсияларга бой ўтган тренинг якунида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ИИВ академияси вакилларига сертификатлар топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати