Жойларда референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари учун малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.
Қарши давлат университетида йўлга қўйилган ўқув йиғинига 86 нафар ҳудудий тренер жалб қилинди. Машғулотларнинг дастлабки кунида Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан малака ошириш курсларининг мақсади, комиссиялар аъзоларига қўйиладиган талаблар, шунингдек участка комиссияси жойлашган бино ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, овоз берувчи фуқаролар рўйхати, муддатидан олдин овоз бериш, участка комиссияси томонидан референдум куни амалга ошириладиган вазифалар, овоз беришни ташкил этиш каби масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўқув йиғини давомида тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан олтита мавзу бўйича ҳудудий тренерлар ва референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолигига номзод (аъзо)ларни ўқитиш режалаштирилган. Кунлик машғулотлар назарий ва амалий тарзда ташкил қилиниб, ўқитишнинг интерфаол педагогик технологияларидан кенг фойдаланиш назарда тутилган. Малака ошириш курслари якунида иштирокчилардан тест синови қабул қилинади.
Таъкидлаш жоизки, референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини ошириш, референдум жараёнлари иштирокчиларининг ҳуқуқий кўникмаларини шакллантириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Судьялар олий мактаби, Жамоат хавфсизлиги университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Божхона институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланган.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати