Жорий ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги академиясида хорижий кадрларни ўқитиш йўлга қўйилди.
Маълумки, бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида хорижий давлатлар ички ишлар органлари (полиция) кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Мазкур қарорга мувофиқ, академиянинг кундузги таълим бакалавриатига қўшни Тожикистондан келган 6 нафар ёшлар ўқишга қабул қилинди. Айни пайтда улар “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ва “эксперт-криминалистик фаолият” ихтисослик йўналишлари бўйича таълим олмоқда.
Янги ўқув йили олдидан академия раҳбари Рустам Хатамов тожикистонлик ёшлар билан учрашди. Мулоқот аввалида юртимизда амалга оширилаётган кенг қавровли ислоҳотлар, муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли жонажон Ватанимиз эришаётган мислсиз ютуқлар, минтақамизда ҳукм сураётган дўстона муносабатлар эътироф этилди.
– Сиз таълим олаётган даргоҳ шонли тарихни босиб ўтган, –деди академия бошлиғи. – Ўз даврида академиямиз негизи саналган Тошкент олий ва ўрта махсус милиция мактаблари қўшни республикалар ички ишлар органлари учун ҳам кадрлар тайёрлаб берган. Ушбу масканларни тамомлаган битирувчилар орасида кўплаб генераллар, раҳбар кадрлар етишиб чиққан. Сизлар ҳам пухта билим олиб, устозларнинг шарафли йўлини давом эттиришингиз лозим.
Учрашув давомида ўқув даргоҳи раҳбари ёшларга мурожаат қилиб, уларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Академияда ўрнатилган кун тартиби ва хизмат интизомига оғишмай риоя қилиш, назарий билим ва амалий кўникмаларни мукаммал эгаллаш юзасидан тавсиялар берди.
– Ўқув муассасамизда таълимнинг илғор ёндашувлари жорий қилинган. Профессор-ўқитувчиларимизнинг аксарияти илмий салоҳиятга эга, ўз касбининг фидойилари саналади. Бундан ташқари, ўз устингизда мустақил ишлашингиз учун барча шароитлар яратилган. Булардан тўғри мақсадларда фойдаланиб, ўқишни муваффақиятли тамомлашингизга тилакдошман, – деди академия раҳбари.
Тадбирдан сўнг курсантлар учун академия бўйлаб саёҳат уюштирилди. Ўқув даргоҳида яратилган шарт-шароитлар, ахборот-ресурс маркази, ўқув хоналари, академия тарихи музейи, спорт мажмуасининг замонавий имкониятлари ёшларда катта таассурот қолдирди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати