ИИВ академиясида атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик хотирасига бағишланган адабий кеча бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шеркон Қодирий, ички ишлар органи фахрийси Ҳасанбой Абдураззоқов, адибнинг шогирди Абдуваҳоб Холиқов, шунингдек меҳмонлар, Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.
Тадбирда Тоҳир Маликнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида илиқ мулоҳазалар билдирилди. Ёзувчи асарларининг ахлоқий ва тарбиявий жиҳатлари, ёш авлод тарбиясидаги ўрни ва аҳамияти ёритиб ўтилди. Адиб кўп йиллар Ички ишлар вазирлиги академиясида тингловчи ва курсантларга сабоқ бергани, инсоний фазилатлари билан ҳурмат қозонгани, ёшларни камолотга етказишга улкан ҳисса қўшгани алоҳида таъкидланди.
– Устоз билан бир кафедрада ишладик. Қувваи ҳофизалари ниҳоятда кучли, мулоқотда ўта маданиятли инсон эдилар. Ёш ўқитувчи сифатида улардан жуда кўп ижобий жиҳатларни ўрганганман. Кейинчалик бу педагогик маҳоратиимнинг ўсишига туртки бўлди, – дейди истеъфодаги подполковник Абдуваҳоб Холиқов.
Адабий кечада ёшларни адабиётга, китобхонликка қизиқтириш, ҳар бир асарнинг мазмуни ва ғоясини англаш, тарбиявий жиҳатларидан хулоса олишга ўргатиш масалалари ҳақида сўз юритилди. Айни хусусиятлари билан Тоҳир Малик асарларининг мухлислари кўплиги, адиб китобларини ўқиган инсон улкан маънавий озуқа олиши айтиб ўтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати