Тарихий сиймоларимизнинг ибратли ҳаёти ёш авлод учун юксак тарбиявий аҳамиятга эга. Республика Кинематография агентлиги буюртмасига биноан экран юзини кўрган “Чўлпон. Қуш эсдалиги” ҳужжатли фильмини ана шундай ижодий асарлар сирасига киритиш мумкин.
“Media Illusion” студияси томонидан суратга олинган кинокартинада маърифатпарвар адиб, миллий истиқлол ва эрк куйчисининг аянчли қисмати акс этган. Фильм ижодкорлари томонидан архив материаллари, мустабид тузум таъсири остида ошкор этилмаган тарихий ҳақиқатларнинг очиб берилгани унинг салмоғини янада оширган. Бу эса томошабинда Чўлпон шахсини англаш, ижодининг чексиз қудратини чуқур ҳис этиш, у яшаб ўтган зиддиятли даврнинг ўзига хос манзараларини ёрқин ва ҳаққоний билиш имконини беради.
Ички ишлар вазирлиги академиясида мазкур фильм катта экранда намойиш этилди. Премьерадан сўнг сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида яратилган янги ижод маҳсули халқимизнинг бой маънавий хазинасидан ўрин олишини эътироф этдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати