Ички ишлар вазирлиги академияси магистрлари Туркия миллий полиция академиясида малака оширди.
Илғор хорижий тажрибаларни ўрганишга қаратилган малака ошириш курси давомида интерфаол машғулотлар ташкил этилиб, полиция тузилмалари фаолияти билан танишилди.
Жумладан, туркиялик малакали профессор-ўқитувчилар томонидан “Инсон ресурсларини бошқариш”, “Полиция фаолиятини бошқаришда раҳбарлик кўникмаларининг ўрни”, “Лидерликда мулоқот қобилияти”, “Жамоа психологияси”, “Бошқарувнинг замонавий шакллари” каби мавзуларда ўтказилган тренинглар ўзаро тажриба алмашиш, илғор ёндашувларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Бундан ташқари, тингловчилар полиция тизимидаги соҳавий хизматлар, кадрларни тайёрлаш ва малака оширишга ихтисослашган ўқув марказлари фаолиятини ўрганиб, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, замонавий хавф-хатарларнинг олдини олиш, киберхавфсизликни таъминлаш бўйича малака оширдилар.
Икки ҳафталик курслар бўйича тингловчилар сертификатга эга бўлишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати