Буюк давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 687 йиллиги муносабати билан ИИВ Академиясида ўтказилган давра суҳбати “Темур тузуклари”нинг тарихий-ҳуқуқий аҳамиятига бағишланди.
Тарихчи олимлар, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар иштирок этган тадбирда Амир Темурнинг ҳаёти, ҳарбий ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, хусусан, буюк аждодимиз яратган тузукларнинг миллий давлатчилигимиз ривожида тутган ўрни ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, мафкуравий курашлар авж олаётган ҳозирги даврда тарихда ўчмас из қолдирган аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини, бой маънавий-илмий меросини чуқур ўрганиш муҳим заруратга айланмоқда. Айниқса ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашда “Темур тузуклари”нинг ўрни беқиёс. Қўлланмада юртни севиш, ҳар ишда адолатни устун қўйиш, илм-маърифатга интилиш, мамлакат тинчлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшиш каби улуғ ғоялар ўз аксини топган. Халқпарвар ички ишлар органи ходими бўлишни мақсад қилган ёшлар юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар эгаси бўлиб, жасорат ва мардликда тарихий сиймоларимизга муносиб издош бўлишлари лозим.
Шу куни Ҳарбий тайёргарлик кафедраси қошидаги иқтидорли курсантлар тўгараги аъзолари иштирокида мусобақа ҳам бўлиб ўтди. Ўқ отиш, жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича ўтказилган беллашувда биринчи ўринни 224-гуруҳ курсанти Дониёр Асатуллаев, иккинчи ўринни 131-гуруҳ курсанти Каромат Давлетова, учинчи ўринни 133-гуруҳ курсанти Муҳаммаджон Ғуломжонов эгаллади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати