Қизлар таълимига эътибор мамлакатимизни стратегик ривожлантиришнинг устувор мақсадларига киритилган. Бу йўлда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини кўрсатмоқда.
ИИВ Академиясининг курсант қизлари билан ўтказилган давра суҳбати “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади” деб номланди. Унда ҳуқуқшунос олима, юридик фанлар доктори, профессор Гулчеҳра Маткаримова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Сайёра Тўйчиева, шунингдек таълим муассасасида хизмат қилаётган ходима аёллар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар инсон қадрини улуғлаш баробарида, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини эътироф этишди. Чунончи, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутат хотин-қизлар улуши 32 фоизга, Сенатда қарийб 25 фоизга, бошқарув лавозимларида 33 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 35 фоизга етгани, олий таълим тизимида эса бу кўрсаткичнинг 46 фоиздан ошгани гендер тенгликни таъминлаш сиёсатининг самарасидир.
Очиқ мулоқотда қизлар таълимини ривожлантириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, саломатлигини асраш, айниқса турмушга тайёрлаш борасида тизимли ишлар қилинаётгани, давлатимизнинг улкан эътибор ва ғамхўрлигини ҳис этган ҳолда ёшлар замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаши, Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни учун муносиб кадрлар бўлиши лозимлиги таъкидланди. Олима аёлларнинг тавсия ва маслаҳатлари курсант қизларга мотивация берди.
Тадбир якунида бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган бадиий дастурлар намойиш қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати