Ички ишлар вазирлиги академиясида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўқув-саф қисми офицерлари, кундузги таълим бакалавр йўналишининг биринчи босқич курсантлари иштирок этган йилиғишни ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг таълим муассасалари бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Тимур Байжанов олиб борди.
Ички ишлар органларида хизмат қилиш ҳар бир инсондан юқори касбий тайёргарлик, мустаҳкам ирода ва фидоийликни талаб этади. Шахсий таркиб ўртасида тарбиявий ишларни самарали ташкил этиш хизмат интизоми билан боғлиқ турли салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу боис, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, уларни Ватанга, касбга садоқат руҳида тарбиялаш, касбий ҳамда жанговар тайёргарлигини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда таълим муассасасида амалга оширилаётган тарбиявий профилактик чора-тадбирлар, курсантлар ўртасида содир қилинаётган салбий хатти-ҳаракатлар муҳокама қилинди. Курсант ёшларга давлатимиз томонидан яратилган улкан имкониятлардан самарали фойдаланиш, ўқув ва хизмат интизомига қатъий амал қилиш, ўқув жараёнида ички ишлар органи ходимлари учун зарур бўлган маънавий-ахлоқий хислатларни шакллантириб бориш борасида тавсиялар берилди.
Шунингдек ёшлар билан ишлашда Тарбиявий ишларни ташкил этиш бўлими ҳамда ўқув-саф қисми ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Академияси матбуот хизмати