Бугунги глобал шароитда таълим тизимини комплекс ислоҳ қилиш, кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш масаласи тобора долзарблашмоқда.
ИИВ Академиясида бўлиб ўтган илмий-амалий конференция замонавий тараққиётнинг муҳим мезони саналган таълим сифати ва самарадорлигини оширишга бағишланди. Унда вазирлик тасарруфидаги ўқув ва малака ошириш муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар иштирок этди.
Анжуман аввалида Академия Ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи, полковник Тўлқин Маматқулов сўзга чиқди. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг муҳим қарорлари асосида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳ қилиниб, узлуксиз жараён йўлга қўйилгани, Янги Ўзбекистон шароитида таълимнинг барча босқичларида инновацион ёндашувларни татбиқ этиш зарурати тобора кучайиб бораётгани таъкидланди.
“Сифатли таълим – давлат ва жамият тараққиётининг асосий омили” мавзуидаги анжуман истиқболдаги устувор вазифалар билан бир қаторда, соҳадаги айрим муаммолар юзасидан фикр алмашиш имконини берди. Сўзга чиққанлар “Ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлашнинг долзарб йўналишлари”, “Таълимнинг сиртқи шаклида мутахассис кадрлар тайёрлашнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари”, “Анъанавий таълимдаги муаммолар ва таълим сифатини ошириш”, “Миллий ва умуминсоний қадриятларнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари таълим-тарбиясидаги ўрни” мавзуида маъруза қилиб, ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати