Ички ишлар вазирлиги академиясида Сиртқи таълим факультети тингловчиларининг битирув маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбий тузилмалар масъул вакиллари, академия раҳбарияти, битирувчилар ва уларга таълим берган профессор-ўқитувчилар иштирок этган тадбир давлатимиз мадҳияси ижроси билан бошланди.
Ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида инсон манфаатлари, халқ розилиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталди. Кейинги йилларда ички ишлар органларининг фаолият мазмуни тубдан ўзгариб, аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлайдиган халқчил тизим яратилгани айтилди.
Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, ички ишлар тизими учун малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган изчил ислоҳотлар ҳам эътироф этилди. Академия раҳбари битирувчиларни қутлар экан, она Ватанимиз ва халқимизга чексиз садоқат билан хизмат қилиш, давлатимиз раҳбарининг юксак ишончини оқлаш ҳар бир ходимнинг ҳаётий мезони бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шундан сўнг ўқишни муваффақиятли тамомлаган 200 дан ортиқ битирувчига “жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш фаолияти” мутахассислиги бўйича дипломлар тантанали равишда топтиширилди.
Тадбир якунида ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳамда битирувчилар сўзга чиқиб, тингловчиларнинг замон талаблари даражасида таълим олиши учун яратилган имкониятлар учун миннатдорлик билдирдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати