Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ ФИДОЙИЛИКНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

02 Октябрь 2024, 01:10

153

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари учун байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўқитувчи ва мураббийларнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, ёш авлодни баркамол вояга етказиш йўлидаги шарафли меҳнатлари эътироф этилди.  

“Орамизда ҳеч бир инсон йўқки, устоз кўрмаган, улардан сабоқ ва насиҳат олмаган, нурли ҳаёт йўлига ҳавас қилмаган бўлса. Ҳаётда қайси касбни танламайлик, қандай ютуқларга эришмайлик, барчасининг замирида, энг аввало, устозларимизнинг машаққатли меҳнати туради”, - деди академия бошлиғи Рустам Хатамов .

Кейинги йилларда инсон қадрини улуғлаш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги қадр-қимматини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани таъкидланди. Бу борадаги изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси ўқув даргоҳи фаолиятида, жамоа аъзолари эришаётган ютуқларда ҳам намоён бўлаётгани айтиб ўтилди.

– Давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари билан мулоқот қилиб, “ёшларимиз онгига “Мен ҳақиқий ватанпарвар бўламан” деган ғояни чуқур сингдиришимиз керак”, дедилар. Таълим ва тарбия барчамиздан доимо ҳамжиҳатлик, фаоллик ва фидойиликни талаб этадиган ҳаёт-мамот масаласи эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу маънода, жамоамиз олдида ҳам янги мақсад ва вазифалар турибди. Ишонаманки, ўз касбимизга садоқатимиз, билим ва тажрибамизни ишга солиб, мамлакатимизга таянч бўладиган етук малакали кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшамиз, – деди академия бошлиғи.

Тадбирда йиғилганлар байрам билан қизғин қутланди. Илмий-педагогик фаолиятида самарали натижаларга эришган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Ички ишлар вазирлиги ва академиянинг идоравий мукофотлари, шунингдек, турли танловлар номинациялари билан тақдирланди. Академия бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури эса барчага байрамона кайфият улашди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech