Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

08 Февраль 2022, 11:02

1678

Ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашда халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

7 февраль куни ИИВ Академиясига Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Туркия полиция академияси вакилларидан иборат делегация келди. Ташриф доирасида икки томонлама музокара ўтказилиб, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

Таълим муассасаси раҳбари, полковник Рустам Хатамов мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сўнгги беш йилда мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатлари кўп қиррали ҳамкорликка янгича суръат бағишлаяпти. Бугунги кунда ўзаро алоқалар азалий қардошлик ва биродарлик ришталари асосида замонавий тараққиётнинг муҳим йўналишлари, жумладан, таълим соҳасида ҳам изчил равнақ топмоқда.

– Ўтган йилги фаолиятимиз амалий учрашув ва конструктив мулоқотларга бой бўлди. Истиқболдаги йўл харитамизда Туркиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишни  режалаштирганмиз. Бу ҳам соҳа учун замон талаблари мос рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади, – деди у.

Ўз навбатида, туркиялик меҳмонлар самимий меҳмондўстлик учун миннардорлик билдиришди. Туркия ва Ўзбекистон глобал таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, минтақавий ҳамда халқаро масалаларни ҳал этишда доимо бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгани, алоқалар мунтазам ҳамкорлик форматида жадал ривожланаётганини таъкидлашди.

 – Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда, ўзимни ота юртимда бўлгандай ҳис қиламан, – деди делегация аъзоси, Туркия полиция академияси профессори Шенол Япрак. – Биз маданияти, дини, урф-одатлари бир-бирига жуда яқин қардош халқмиз.  Шунинг ўзиёқ, муносабатларимизнинг чуқур тарихий илдизга эга эканлигидан далолат беради. Ўйлайманки, алоқаларимизнинг бугунги ҳолати ҳар икки томон учун муштарак манфаатларга хизмат қилмоқда. Таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларда фаол иштирок этаётганимиздан мамнунмиз. 

Учрашувда тажриба алмашинувини кенгайтириш, ўқув  жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини самарали татбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг малакасини оширишда ўзаро ёрдам тамойили асосида машғулотлар ташкил қилиш, халқаро терроризм ва жиноятчиликка қарши курашишда Туркиянинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, бу борада ўқув-услубий ва илмий ҳамкорликни изчил давом эттириш масасалари юзасидан фикр алмашилди.

Шундан сўнг меҳмонлар таълим муассасасининг фаолияти билан танишдилар. Ўқув жараёнидаги янгиланишлар, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган ёндашувлар, курсантларнинг ватанпарварлик фазилатларини юксалтириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, бир сўз билан айтганда, Академиянинг замонавий имкониятлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Куннинг иккинчи ярмида туркиялик тажрибали мутахассислар “Полиция тизимида самарали мулоқот кўникмаларини шакллантириш” ҳамда “Терроризмга олиб келувчи радикаллашув жараёнининг олдини олишни бошқариш” мавзуларида семинар-тренинг машғулоти ўтказдилар. Туркия Республикаси делегацияси томонидан таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари учун ташкил қилинган машғулотлар жорий йилнинг 11 февралига қадар давом этади.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

      

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech