Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Таълим сифатини ошириш – устувор вазифа

04 Сентябрь 2023, 09:09

1262

Янги ўқув йили муносабати билан ИИВ Академияси саф майдонида ўтказилган тадбирда ўқув даргоҳи раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда кундузги таълим курсантлари иштирок этди. 

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ташкил этилган тадбирда Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Бахтиёр Ражабов сўз олиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги ҳамда таълим муассасаси ташкил топган сана муносабати билан қизғин муборакбод этди.

– Муҳтарам Президентимиз “таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз”, дея таъкидлаб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борадаги долзарб вазифалардан келиб чиқиб, жорий ўқув йилида таълим сифатини янада ошириш, ўқитишнинг инновацион ёндашувларидан кенг жорий қилиш, илғор хорижий тажрибалардан самарали фойдаланиш, илмий салоҳиятни оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни мақсад қилганмиз, – деди Академия бошлиғи ўринбосари.

Тадбирда янги ўқув йилидаги устувор вазифалар, хусусан, курсантларнинг замон талаблари даражасида билим олиши, касбий кўникмаларни пухта эгаллаши, танлаган ихтисослик йўналиши бўйича ҳар томонлама етук кадр бўлиб етишиши мақсадида йўлга қўйилган механизмларга тўхталиб ўтилди.    

Шундан сўнг “Академия аълочиси” кўкрак нишони ҳамда “Чўлпон” номидаги стипендияга сазовор бўлган иқтидорли курсантлар тантанали равишда тақдирланди.

– Сўнгги бир йилнинг ўзида таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган илғор ёндашувлар татбиқ қилинди. Пухта билим олишимиз, хорижий тилларни ўрганишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бу имкониятлар янги-янги ютуқларни қўлга киритишимизга йўл очмоқда, – дейди 3-ўқув курси курсанти, “Ички ишлар вазири стипендиати” фахрий ёрлиғи ва “Академия аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Саматжон Саматов.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech