ИИВ академиясида ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Таълим муассасаси бошлиғи Рустам Хатамов томонидан ўтказилган йиғилишда ИИВ тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаб интернати ва академик лицейлар директорлари, уларнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари, шунингдек академиядан факультет ва кафедралар раҳбарлари қатнашди.
Йиғилишда кадрлар тайёрлашнинг бугунги долзарб талаблари, бу борада ўқув муассасаларида амалга оширилаётган ишлар, таълим-тарбия жараёнлари сифати, ўқувчи ёшларнинг билим даражаси, педагог кадрлар салоҳияти, ўқув дастурлари ва адабиётларининг замонавий стандартларга мувофиқлиги ҳамда бошқа масалалар танқидий муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи академик лицейлар битирувчиларининг кундузги таълимга қабул жараёнида қайд этган натижалари, ўқиш давомида фанларни ўзлаштириш кўрсаткичлари, хизмат интизомини бузиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар, амалиётда ёш ходимлар дуч келаётган муаммоларни аниқ рақамлар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилди.
Айрим лицейларда ҳуқуқшунослик ва касбий фанларни ўқитишда тизимли ёндашувнинг мавжуд эмаслиги, жисмоний-жанговар тайёргарликнинг талаб даражасида ташкил этилмаётгани, машғулотлар жараёнида замонавий методлар ва ўқув қўлланмаларидан фойданилмаётгани айтиб ўтилди.
“Биз таълимга мустаҳкам пойдевор қўйсак, шунда натижага эришамиз. Бунинг учун ўқувчиларимизни ёшликдан бошлаб юксак билимли, маънан ва жисмонан соғлом, касбига садоқатли, фидойи, ватанпарвар шахс сифатида тарбиялаб боришимиз керак”, – деди академия бошлиғи.
Йиғилишда таълим муассасалари ўртасида ўқув ва методик ҳамкорликни янада такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг билим даражаси ва педагогик маҳоратини мунтазам ошириб бориш, машғулотларни янгича методлар асосида ташкил қилиш, иқтидорли ёшлар билан индивидуал ишлашни йўлга қўйиш, уларга касбий билим, жанговар-жисмоний кўникмалар, замонавий ахборот технологиялари ва хорижий тилларни мукаммал ўргатиш, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, бу борада жойлардаги турдош ўқув муассасаларидаги илғор тажрибаларни ўрганиш зарурлиги қайд этилди.
Шу куни ўқув масканлари раҳбарларининг таклифлари ҳам тингланди. Ҳудудларда таълим сифатини ошириш бўйича кечиктириб бўлмас вазифа ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати