Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ТАЪЛИМ ФИДОЙИЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

30 Сентябрь 2023, 06:09

886

Устозу мураббийларнинг илму маърифати, камтарона ва олийжаноб хизматлари фақат эзгуликка йўғрилган. Шу боис, уларни ҳар қанча улуғласак, шарафли меҳнатига таҳсин айтсак, шунча оз.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ИИВ Академиясида ўтказилган байрам тадбири соҳа фидойиларининг шаънига йўлланган илиқ тилаклар билан бошланди. Академия раҳбари янгиланаётган юртимизда ўқитувчиларнинг обрўйи ва нуфузини ошириш, жамиятдаги мақомини кўтариш йўлида олиб борилаётган улкан ислоҳотларни эътироф этиб, соҳа жонкуярларини қизғин табриклади.

– Ҳеч бир инсон йўқки, устозидан таълим-тарбия ёки ҳаёт сабоқларини олмаган бўлса. Баркамол шахс бўлиб вояга етишимиз, касб-ҳунар ўрганиб, ҳаётда муносиб ўрин топишимизда уларнинг ҳиссаси беқиёс. Бугун “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак!” деган ғоя ислоҳотлар жараёнининг бош тамойилига айланган. Чунки устоз ва мураббийлар фақат ёшларга таълим берувчи зот эмас, миллат тарбиячилари ҳамдир, – деди ўқув муассасаси бошлиғи Рустам Хатамов.

Тадбирда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, илмий-педагогик фаолиятга инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар эътироф қилинди.

Таълим муассасаси раҳбари мамлакатимиз учун ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар кадрларни тарбиялаш ислоҳотларнинг устувор мақсади эканлигини таъкидлаб, самарали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларни Ички ишлар вазирлигининг идоравий мукофотлари билан тақдирлади.

Шунингдек, таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимларга “Энг яхши таълим ва фан соҳасидаги бошқарувчи”, “Энг яхши ихтисослаштирилган кафедра ўқитувчиси”, “Энг яхши умумтаълим кафедра ўқитувчиси”, “Энг яхши инновация ва ахборот технологияларни қўллайдиган ўқитувчи”, “Энг яхши доцент”, “Энг яхши профессор”, “Энг яхши ўқув гуруҳи куратори”, “Энг яхши ўқув ёрдамчи ходим”, “Энг яхши саф қисми ходими” номинациялари бўйича дипломлар топширилди.

Академия бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастури тадбирга байрамона файз бағишлади.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech