Ички ишлар вазирлиги академиясидаги таълим жараёнлари кўпчилик, айниқса тенгқурлари ушбу масканда ўқиётган ёшлар учун жуда қизиқ.
Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни”да Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари академия меҳмони бўлди.
Саф майдони, ўқув бинолари, тезкор-тергов гуруҳлари учун мўлжалланган транспорт воситалари, ҳарбий ва жанговар-жисмоний тайёргарлик машғулотлари ўтказиладиган мажмуалар, ахборот-ресурс маркази, курсантлар ётоқхонаси ва бошқа жойлар бўйлаб уюштирилган саёҳат меҳмонлар учун мароқли бўлди.
Уларга масканнинг шонли тарихи, ривожланиш босқичлари, кейинги йилларда ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, академия таълим жараёнларига татбиқ қилинган замонавий ёндашувлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида ёш авлоднинг ватанпарварлик фазилатларини юксалтиришга қаратилган давра суҳбати ўтказилиб, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда ички ишлар органлари ходимларнинг ўрни, инсоннинг она Ватани олдидаги бурч ва масъулияти ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати