Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Таклиф ва муаммолар тингланди

13 Май 2023, 03:05

933

ИИВ Академияси Иқтидорли курсантлар кенгашининг навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов иштирок этди. 

Очиқ мулоқот руҳида ўтган йиғилиш аввалида кенгаш раисининг ҳисобот маърузаси тингланди. Кенгаш аъзоларига берилган ваколат ва имтиёзлар доирасида улар томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, шу билан бирга, келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Академия бошлиғи ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган янги тизим ижобий самара бераётганини таъкидлади. Иқтидорли курсантларнинг фаол ташаббус ва интилишлари натижасида ёшларга оид кўплаб масалалар ечим топгани қайд этилди.

– Мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар ёшлардан юксак билим ва салоҳиятни, юртга дахлдор, ватанпарвар, шижоатли бўлишни талаб этмоқда, – деди ўқув муассасаси раҳбари. – Бунинг учун курсантларимиз ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолда давр билан ҳамнафас бўлишлари, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам таянчига айланишлари керак.

Мулоқот давомида ёшларни ўйлантираётган муаммолар ҳам четда қолмади. Гуруҳ етакчилари олдига “курсантбай” тизим орқали фаолиятни кучайтириш, иқтидорли ёшлар сафини янада кенгайтириш, “тенгдош – тенгдошга” тамойили асосида курсантлар билан манзилли ишлаш, уларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш каби вазифалар қўйилди.

Шу куни кенгаш аъзоларидан Акмал Салаев, Камронбек Исмоилов, Шавкат Мусреддинов, Раҳматилла Жамолиддинов ва бошқалар сўз олиб, тенгдошлари номидан қатор таклиф ва ташаббусларни билдиришди. Тадбир сўнггида янги қабул қилинган аъзоларга “Иқтидорли курсант” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech