Таълим сифатини ошириш, соҳани илғор ёндашувлар асосида ислоҳ қилиш бугуннинг талаби. ИИВ Академиясида ўтказилган семинар-тренинг ана шу мақсадга қаратилди.
Унда Ўқув-услубий бошқарма, Таълим сифатини назорат ва мониторинг қилиш маркази, магистратура, Сиртқи таълим факультети ҳамда бошқа таркибий тузилмалар вакиллари, ихтисослик, юридик ва умумтаълим кафедралари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Машғулотда тажрибали эксперт Аслиддин Одилов таълим сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мослаштириш, ўқув жараёнида инновацион технология ва ёндашувлардан кенг фойдаланиш, таълимни мониторинг қилиш, сифат кўрсаткичларини баҳолаш юзасидан ўз тавсияларини билдириб, соҳадаги муаммоларнинг ечимларини таҳлил қилди.
Интерфаол усулда ўтказилган семинар-тренинг иштирокчилари замонавий таълимнинг муҳим хусусиятлари ҳақида фикр алмашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати