Тарихни ўрганиш, ўтмиш билан боғлиқ қизиқарли маълумотларга эга бўлиш, айниқса ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда музейларнинг ўрни беқиёс.
ИИВ Академияси музейи ўтмиш ва бугунни боғлаб келаётган ана шундай маскан саналади. Музей фондида турли даврларга оид 100 дан зиёд экспонатлар сақланади. Улар орасида ўтган асрнинг 20-30-йилларига оид нодир фотосуратларни учратасиз. Бундан ташқари, ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятида қўлланилган қурол-аслаҳалар, криминалистик экспертизаларга мўлжалланган ускуналар, турли даврларга хос хизмат кийимлари эътиборни ўзига жалб қилади.
Ёшларни тарих билан юзлаштириш мақсадида кундузги таълимнинг 1-ўқув курсида таълим олаётган курсантлар учун саёҳат уюштирилди. Тадбир чоғида собиқ Тошкент ўрта махсус ва олий милиция мактаблари ҳаёти, кафедралар тарихи, ўтган йиллар мобайнида фаолият кўрсатган профессор-ўқитувчилар, шунингдек мустақилликдан сўнг ўқув даргоҳида рўй берган улкан ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Курсантлар нодир ашёлар билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати