Пойтахтимизда турдош олий таълим муассасалари ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қуролли Кучлар академиялари, Жамоат хавфсизлиги университети ва Божхона институти курсантлари яккалик ҳамда жуфтлик тарзида беллашдилар.
Жамоамиз таркибида Зикрилло Толибхонов, Оловуддин Маликов ва Асилбек Шералиевлар Академия шарафини ҳимоя қилишди. Қувонарлиси, вакилларимиз мусобақанинг яккалик баҳсларини бешинчи, жуфтлик баҳсларини эса биринчи ўринда якунлашга муваффақ бўлишди.
Қизғин руҳда ўтган спорт тадбирида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Божхона институти, 2-ўринни Жамоат хавфсизлиги университети ва 3-ўринни ИИВ Академияси эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медал, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати