Юртимиз хотин-қизларининг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ички ишлар органларида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.
Маълумки, Ички ишлар вазирлигининг фармойиши билан республикамиз бўйлаб касбий тайёргарлик ойлиги эълон қилинган эди. Жорий йилнинг 4-5 октябрь кунлари ИИВ Академиясида ўтказилган мусобақа хотин-қизлар ўртасида спорт-соғломлаштириш тадбирларини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этди.
Беллашувда таркибий тузилмалар ходималаридан иборат 7 та жамоа ғолиблик учун куч синашди. Иштирокчилар арқон тортиш, эстафетали югуриш, жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, шашка бўйича ўз маҳоратларини намойиш қилдилар. Муҳими, спорт тадбири хотин-қизларнинг жарговар ва жисмоний тайёргарлигини янада оширишга хизмат қилди.
Мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросимида ўқув даргоҳи раҳбарияти, хотин-қизлар кенгаши фаоллари, тадбир ташкилотчилари ва курсантлар иштирок этди. Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўз олиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга устувор эътибор қаратилаётганини эътироф этди.
– Cўнгги йилларда хотин-қизлар масалалари давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Ўқув даргоҳимизда аёл ходималар таълим жараёнидаги ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Бундай мусобақалар ходимларимизнинг ватанпарварлик, фидойилик, дахлдорлик туйғуларини юксалтириш баробарида, таълим-тарбия самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлади, – деди Академия бошлиғи.
Шундан сўнг совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати