Ички ишлар вазирлиги академиясида соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан “Темурийлар издошлари” мавзуида викторина ўтказилди.
Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва Иқтидорли курсантлар кенгаши фаоллари ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда 8 та жамоа иштирок этди.
Курсантлар буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, темурийлар даври давлатчилиги, илм-фани ва маданияти, “Темур тузуклари” асари ҳақида тузилган саволлардан иборат уч шарт бўйича ўзаро беллашдилар.
Қизиқарли руҳда ўтган викторина якунида энг билимдон жамоа ғолиб бўлди. Тадбир сўнггида сўзга чиққанлар соҳибқирон Амир Темур шахсияти, унинг ҳарбий ва давлат бошқаруви йўналишидаги стратегияси, ўз даври илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиб, тузукларидан парча ўқидилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати