ИИВ академиясида кибержиноятларга қарши курашиш бўйича тренинг ташкил қилинди.
Мазкур йўналишда ўзаро тажриба алмашиш ва соҳа ходимларининг маҳоратини ошириш мақсадида ташкил қилинган машғулотлар Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилмоқда.
Тренинг очилишида академия бошлиғининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ражабов ва туркиялик меҳмонлар сўз олиб, Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлиги доирасида ўтказилаётган тадбирнинг долзарб аҳамиятини эътироф этдилар. Глобал маконда янгидан-янги таҳдидлар пайдо бўлаётган ҳозирги шароитда киберхавфсизликни таъминлаш борасида илғор тажрибаларни ўрганиш манфаатли эканлиги таъкидланди.
Қисқа муддатли машғулотларга ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари вакиллари жалб қилинган. Тўрт кун давомида улар ахборот технологиялари ёрдамида содир қилинаётган жиноятлар, уларни фош этиш усуллари, кибержиноятларга қарши курашиш борасида хориж тажрибасининг илғор жиҳатлари, кибермаконда юзага келаётган хатарларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида зарур билимларга эга бўлишади.
Тренинг якунида тингловчиларга сертификатлар топширилади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати