Футбол бўйича ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасалари ўртасидаги мусобақанинг 2-тур ўйинлари шиддатли баҳсларга бой ўтди.
Дастлаб ИИВ Академияси ва Жамоат хавфсизлиги университети жамоалари майдонга тушди. Принципиал рақиблар биринчи турда ишончли ғалаба қоғонгани туфайли учрашувга қизиқиш юқори эди. Ўйин ҳам шунга мос равишда ўтди. Илк дақиқаларда ҳужумга отланган меҳмонлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Кўп ўтмай вакилларимиз пенальтидан урилган гол эвазига майдондаги тенгликни таъминладилар. Муросасиз ўтган ўйиннинг биринчи таймида мухлислар яна иккита гол кўришди, 2:2!
Иккинчи тайм жамоамизнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Рақиб жарима майдони атрофида яратилган вазиятлар тобора хавфли тус олди. Бу эса ўйиндаги руҳий устунликка ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Кетма-кет уюштирилган ҳужумларнинг бирида терма жамоамиз футболчиси Хайрулла Азимхўжаев “катта саҳна”га чиқди. Унинг чамаси 10 метр масофадан қайчи усулида йўллаган зарбаси суперголга айланди. Шундан сўнг Жамоат хавфсизлиги университети футболчилари катта куч билан олдинга ташланишди. Бироқ ҳисобни тенглаштириш уларга насиб қилмади. Шу тариқа кескин учрашув 3:2 ҳисобида ИИВ Академияси фойдасига ҳал бўлди.
Куннинг иккинчи баҳсида Божхона институти ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоалари куч синашди. Жанговар ўйин дуранг (1:1) билан якунланди. Учинчи ўйинда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти футболчилари Давлат хавфсизлик хизмати академияси жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этишди. Турнир давом этмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати