Аввал хабар берилганидек, ИИВ Академиясида ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари учун қисқа муддатли ўқув-семинар ташкил этилган эди.
Уч кун давом этган ўқув-семинарда соҳа вакиллари коррупцияга қарши миллий ва халқаро ҳуқуқий нормаларнинг мазмун-моҳияти, коррупцияни юзага келтирувчи сабаб ва шарт-шароитлар, ички ишлар органлари ходимларида ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда “ҳалоллик вакцинаси”ни жорий этиш механизмлари, коррупциявий жиноятларга қарши курашишда ички ишлар органларининг ваколатлари, комплаенс назоратнинг мазмун-моҳияти бўйича зарур кўникмаларга эга бўлдилар.
– Коррупция маълум бир соҳага эмас, балки жамиятга дахлдор муаммо ҳисобланади. Мамлакатимизда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳозирга шароитда коррупциясиз соғлом муҳитни қарор топтириш устувор аҳамият касб этмоқда. Ўқув-семинарни ташкил этишдан қўзланган мақсад ҳам мазкур йўналишдаги изчил чора-тадбирларнинг ижросига қаратилган, – дейди ИИВ Академиясининг Тарбиявий ишларни ташкил этиш ва мукофотлаш бўлими мукофотлаш гуруҳи бош инспектори, майор Фарҳод Мелиқулов.
Машғулотлар якунида ходимлардан синов қабул қилиниб, сертификат берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати