Жорий йилнинг 27 октябрь куни юртимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.
Ушбу сиёсий тадбирга Қашқадарё вилоятида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Айни кунларда ҳудудий сайлов комиссияси тасарруфидаги 16 та туман-шаҳар сайлов комиссиялари, 60 та округ сайлов комиссияси ҳамда 1038 та сайлов участкасида барча ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, бу йилги сайловлар мамлакатимиз тарихида илк бор аралаш сайлов тизимида ўтказилади. Муҳим сиёсий тадбир олдидан жойларда интерфаол машғулотлар ташкил қилиниб, амалдаги мезонлар етказилмоқда. Хусусан, ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан дастлаб ҳудудий тренерлар ўқитилган бўлса, кейинги босқичда туман-шаҳар ва округ сайлов комиссиялари раислари, ўринбосарлари ва котибларининг билим ҳамда кўникмалари оширилди.
Айни кунларда ҳудудий тренерлар билан биргаликда участка сайлов комиссияси раислари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда котиблари учун сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Бунда сиёсий жараённинг моҳияти ва ҳуқуқий асослари, сайлов тизимидаги янгиликлар, аралаш сайлов тизимининг ўзига хос хусусиятлари, сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий жиҳатлари, бу борадаги муҳим талаблар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Республика тренерларининг таъкидлашича, интерфаол машғулотлар вилоятнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич тарзда ташкил қилинади. Бу ҳам сайловларни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажрибалар асосида ўтказишга хизмат қилади, албатта.
ИИВ академияси Ахборот хизмати