15-18 апрель кунлари Ички ишлар вазирлиги академиясида халқаро семинар-тренинг ташкил қилинди.
Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хавфсизлик бош бошқармаси вакиллари ўтказган машғулотларда ички ишлар органларидан тергов ва жиноят-қидирув хизмати ходимлари ҳамда академия профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Тажрибали мутахассислар томонидан жиноий фаолиятни молиялаштиришга қарши курашиш, ундан олинган даромадларни легаллаштириш, ҳозирги шароитда юзага келаётган янги турдаги жиноятлар, уларни тергов қилиш методикалари илғор тажрибалар асосида тушунтирилди. Шунингдек, халқаро ва миллий ҳуқуқ тизимининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида фикр алмашилди.
Семинар-тренинг якунлари бўйича ўтказилган тадбирда Туркия Республикаси элчихонасининг ички ишлар масалалари бўйича маслаҳатчилари Семиҳ Окяр ва Мурат Карауста иштирок этди. Меҳмонлар икки томонлама ҳамкорликнинг жадал фаоллашаётгани замонавий таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашиш имконини бераётганини эътироф этишди.
Иштирокчиларга сертификат берилганидан сўнг туркиялик мутахассислар академия фаолияти билан яқиндан танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати