Фарғона вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бошланди.
Машғулотларга ички ишлар органларининг тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш бўлинмалари ҳамда прокуратура тизими ходимлари жалб қилинган.
Ўқув курси аввалида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур тадбирнинг мақсади ва долзарб аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Шундан сўнг машғулотлар бошлаб юборилди.
Икки кунлик ўқув курси давомида тингловчилар Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Малака ошириш институти вакилларининг долзарб мавзудаги маърузаларини тинглаш, соҳага оид илғор тажрибалар юзасидан билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўладилар.
Ўқув курси якунида ҳар бир иштирокчидан синов қабул қилиниб, ундан муваффақиятли ўтган ходимларга сертификат берилади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати