Республика Маънавият ва маърифат марказида ИИВ академияси магистрлари учун ўқув семинари ташкил қилинди.
Тадбир аввалида марказ раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов сўз олиб, икки томонлама ҳамкорлик доирасида ўтказилаётган машғулотлар ички ишлар органлари учун замонавий бошқарув кадрларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Ўқув семинари давомида мамлакатимиз ҳаётида кечаётган ўзгаришлар жараёнида давлат хизматчилари, хусусан, ички ишлар органлари ходимларига қўйилаётган талаблар, тизим халқчиллигини ошириш омиллари, аҳоли билан ишлашнинг замонавий ёндашувлари, ходимларда касбий барқарорлик ва ахборот хуружларига қарши иммунитетни шакллантириш йўллари каби мавзуларда машғулотлар ўтказилди.
Шу куни тингловчилар марказ фаолияти ҳамда ахборот майдонида рақобатбардош миллий контент яратиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишдилар.
Машғулотлар пойтахтимиздаги Миллат фидойилари хиёбонида давом эттирилди. Мустақиллик йиллари юрт ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган мажмуа ифтихор туйғуларини уйғотди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати