ИИВ Академиясининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудудий профилактика инспекторлари учун сайёр машғулотлар ўтказилди.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган машғулотда барча профилактика инспекторлари иштирок этди.
Соҳа вакилларига “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг мазмун-моҳияти, маҳаллаларда ижтимоий профилактикани ташкил этиш, бу борада “маҳалла еттилиги” аъзоларининг вазифалари, ижтимоий профилактика доирасида амалга ошириладиган кенг қамровли чора-тадбирлар, шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ҳуқуқбузарликларни малакалаш, процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси объектлари билан ишларни манзилли ташкиллаштириш, хизмат жараёнида юзага келадиган муаммоли вазиятларни енгиб ўтиш борасида тушунчалар берилди. Машғулот якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Худди шундай машғулот Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ҳам ташкил қилинди. Академиянинг Тергов фаолияти, Хизмат психологияси ва касбий маданияти, Фуқаровий-ҳуқуқий фанлар, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедралари профессор-ўқитувчилари томонидан интерфаол ёндашувлар асосида ўтказилган машғулот давомида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш юзасидан касбий кўникмалар оширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати