Юртимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратилган.
Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари томонидан тайёрланган янги тўплам ҳам фикримизга ёрқин мисол бўла олади. Унда жаҳон адабиёти намуналарининг ўзбек тилидаги таржималари ўрин олган.
Китоб тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбирда Хорижий тиллар маркази вакиллари, иқтидорли курсантлар, ёш тадқиқотчилар, Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси профессор-ўқитувчилари қатнашди.
Сўзга чиққанлар ижодий жамоа фаолияти, таржима жараёнлари, ҳикояларнинг ғоявий аҳамиятига тўхталиб, тўплам жаҳон адабиётига қизиқувчи мухлисларга муносиб туҳфа бўлиши, ёшлар ўртасида китобхонликни янада оммалаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.
Айтиш жоизки, тўпламдан Эдгар Аллан По, Оскар Уайльд, О’Генри, Марк Твен, Ги де Мопассан, Ҳанс Кристиан Андерсен каби дунёга машҳур адибларнинг кичик-кичик ҳикоялари ўрин олган. Ижодий жараёнда адабий таржима қоидалари, сўз танлаш маҳорати ва бошқа муҳим жиҳатларга имкон қадар алоҳида эътибор қаратилган.
Тақдимотда янги китоб илк қадам бўлгани, келгусида хорижий тилларни билувчи иқтидорли ёшлар билан биргаликда кўплаб лойиҳалар режалаштирилганини айтиб ўтилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати