Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январдаги қарорида ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Мазкур қарор билан ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси амалиётга татбиқ қилинди. Соҳа вакиллари ушбу кодекс талабларига қатъий риоя қилиши, айни пайтда бу ҳар бир ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлиги ва хизмат интизомини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланиши назарда тутилди.
Айни кунларда ички ишлар органларининг барча бўғинларида давлатимиз раҳбари қарорига бағишланган ҳуқуқий тарғиботлар амалга оширилмоқда. Жойлардаги учрашувларда соҳа ходимлари олдида турган устувор вазифалар, уларни фаолиятга самарали татбиқ этиш механизмлари атрофлича тушунтириляпти. Тарғибот тадбирларига тажрибали амалиёт ходимлари билан бирга, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари ҳам жалб қилинган.
– Ишчи гуруҳ таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида бўлиб, ҳудудий ички ишлар органлари иштирокида машғулотлар ўтказдик. Қарор мазмун-моҳиятини етказиш асносида шахсий таркиб билан маънавий-маърифий ишларнинг қай даражада ташкил этилаётганига ҳам эътибор қаратилди. Чунки соҳани халқчил тузилмага айлаштириш йўлидаги ислоҳотлар тизимнинг маънавий қиёфасини шакллантиришни ҳам тақозо этмоқда, – дейди Академия катта ўқитувчиси, подполковник Анвар Тоштемиров.
Дарҳақиқат, ички ишлар органларидаги янгиланишлар ҳар бир ходим зиммасига улкан масъулият юкламоқда. Ислоҳотлар самараси эса Ватан ва халқ олдидаги бурчни ҳалол, виждонан, адо этишга, тизим шаънига путур етказадиган ножўя хатти-ҳаракатларнинг барвақт олдини олишга боғлиқ.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати