Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Раҳбарлик фазилатлари етказилди

20 Февраль 2024, 09:02

1202

Бугунги ислоҳотлар даврида бошқарув кадрларига юқори талаблар қўйилмоқда. Замонавий раҳбар ҳар жиҳатдан ўрнак бўлиши, жамоага мотивация бериши, энг муҳими, ўзи фаолият юритаётган тизим обрўйини юксалтириши керак.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган магистрлар билан учрашди. Мулоқот жараёнида ички ишлар органларининг халқчил фаолиятини таъминлашда раҳбар кадрларнинг ўрни ҳақида фикр алмашилди.   

Сиёсатшунос олим кўп йиллик изланишлари ва тажрибаси асосида раҳбарлик фазилатларига тўхталди. Унинг айтишича, янги замон раҳбари илм-маърифатли бўлиши, мақсадни тўғри қўйиши, фаолиятини таҳлил қилиб, стратегик режалаштириши лозим. Бошқарув кадрлари тайёрлашда фақат билим ва амалий кўникмаларнинг ўзи кифоя қилмайди, акчинча, раҳбарлик мезонларини шакллантириш ҳам муҳим саналади.

– Жамоатчилик фикри деган тушунча бор. Яъни бир ходимнинг ижобий ёхуд салбий хатти-ҳаракати мисолида бутун тизимга баҳо берилиши мумкин. Шу боис, ҳар бир раҳбар олдида, аввало, тизим шаънини ҳимоя қилиш масъулияти туради. Бунинг учун у ҳалол, виждонли ва юксак мулоқот маданиятига эга бўлиши, қандай масала бўлмасин, моҳиятини англаб, тўғри қарор қабул қилиши керак, – деди Отабек Ҳасанов.

Мотивацион руҳда ўтган тадбирда раҳбарнинг маънавий қиёфаси, лидерлик қобилиятини шакллантириш йўллари, ички ишлар органлари учун бошқарув кадрларини тайёрлашда эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар хусусда атрофлича сўз юритилди.  

Шу куни Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов билан ҳам учрашди.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолаш, келгусидаги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, “маҳалла еттилиги” тизимини самарали ташкил этиш бўйича биргаликда методик қўлланмалар тайёрлаш, таълим жараёнида маънавий ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари қизғин муҳокама қилинди. Отабек Ҳасанов академия фаолиятига татбиқ қилинган янги механизмлар, курсантлар эришаётган ютуқларни алоҳида эътироф этди.

ИИВ академияси Ахборот  хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech