Ички ишлар вазирлиги академиясида олима аёллар иштирокида бўлиб ўтган учрашув курсант қизларга катта мотивация берди.
Тадбирга “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаоли Феруза Муҳитдинова, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Матлуба Қаҳҳорова, малакали психологлар Дилдора Дадаходжаева ва Нилуфар Эргашева таклиф этилди.
Учрашув аввалида академия бошлиғининг саф қисми бўйича ўринбосари, подполковник Шерзод Таджиметов сўз олиб, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қизлар таълим-тарбиясига устувор вазифалар қаторида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда янгиланаётган жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрни, қизлар таълим-тарбиясидаги муҳим жиҳатлар, миллий ўзлигимизга хос қадрият ва анъаналар, ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, қизларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш ва турмушга тайёрлаш масалалари хусусида сўз борди.
– Ўқув даргоҳимизда қизлар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Дасрдан бўш вақтимизда ўқув курслари ташкил қилинган бўлиб, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа ҳунарларни ўрганиб келаяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз “қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим”, дея бежиз айтишмаган, – дейди кундузги таълим 3-ўқув курси курсанти Сарвиноз Ҳусанова.
Тадбирда сўз олганлар билим ва ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, курсантларга зарур маслаҳат ҳамда психологик тавсиялар бердилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати