
3-4 июль кунлари Тошкент вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзуида ўқув курси ташкил қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил қилинган машғулотларда ички ишлар, прокуратура ва суд органлари вакиллари иштирок этди.
Ўқув курсида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, қийноққа қарши қабул қилинган ҳужжатлар, хусусан, Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти, қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарлик масалалари, инсон ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришда суд органларининг ўрни ва бошқа шу каби долзарб мавзулар қамраб олинди.
Маъруза ва амалий машғулотлар Инсон ҳуқуқлари миллий маркази вакиллари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, ИИВ академияси ва Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари, маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан олиб борилди.
Фойдали билим ва кўникмалар, амалий тавсияларга бой ўтган ўқув курси якунида тингловчилардан тест синови қабул қилиниб, уларга сертификатлар топширилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати